Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 31 августдаги ПФ-5807-сонли Фармонига мувофиқ, Ботир Иркинович Закиров Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазири лавозимига тасдиқланди ва шу муносабат билан Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирининг биринчи ўринбосари лавозимидан озод этилди. Б. И. Закиров – 2018 йил апрелидан буён Қурилиш вазирининг биринчи ўринбосари эди. Ботир Эркинович Зокиров 1963 йилнинг 28 июлида Тошкент шаҳрида туғилган. Тошкент политехник институтини (ҳозирги Тошкент давлат техника университети) қурувчи-муҳандис мутахассислиги бўйича тамомлаган. 1980 йилда Тошкент инструментал заводида меҳнат фаолиятини бошлаган. 1985-1990 йилларда «Тошсантехмонтаж» трестида ишлаган. 1990 йилда эса «12-трест» қурилиш ширкатида иш бошлаб, бу ерда чилангарликдан бошқарув кенгаши раиси лавозимигача кўтарилган. 2011 йилда Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони билан Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари – Ўзбекистон Республикаси Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси раиси этиб тайинланган. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 14 декабрдаги ПФ-4877-сон фармонига мувофиқ Ботир Закиров Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси раиси лавозимига тасдиқланганди. *** Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 31 августдаги ПҚ-4434-сонли Қарорига мувофиқ, Шерзод Саиджанович Хидоятов Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирининг биринчи ўринбосари лавозимига тайинланди. Ш. С. Хидоятов Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги «Tashkent city» халқаро ишбилармонлик маркази ҳудудида объектларни қуриш ва улардан фойдаланиш дирекцияси давлат унитар корхонаси директори вазифасида иш юритаётган эди. Шерзод Саиджанович Хидоятов 1980 йил 20 августда Тошкент шаҳрида туғилган. 2006 йилда Тошкент давлат техника университетини тугатган. Меҳнат фаолиятини 1998 йилда Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик судининг Ташкилий-назорат бошқармаси умумий бўлимида нусха кўчириш бўйича нозирликдан бошлаган. Турли йилларда бир қатор корхона ва ташкилотларда меҳнат қилган. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик судининг Ташкилий-назорат бошқармасида турли вазифаларда, «NORDLINK ALIMINIUM BUILDING MATERIALS» масъулияти чекланган жамияти хориж корхонаси директорининг ўринбосари, «DREAM PRODUCTION» масъулияти чекланган жамият шаклидаги қўшма корхонаси директори, «Toshkent transformator zavodi» акциядорлик жамияти бош директори, «DURABEL BETON» масъулияти чекланган жамияти директори лавозимларида фаолият юритган.