Қарор ва ижро: Шаффоф қурилиш – чинакам адолатли тизим
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 27 февралдаги «2019 йилда вазирликлар, давлат қўмиталари ва бошқа давлат бошқаруви органлари фаолияти самарадорлигини ҳамда мақсадли вазифаларга эришишларини баҳолашнинг асосий мезонлари тўғрисида»ги Ф-5445-сонли фармойишига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги томонидан «Шаффоф қурилиш» тизимини жорий этиш бўйича бир қатор ишлар олиб борилмоқда. Қурилиш соҳасида жамоатчилик назорати ва ошкораликни оширишга қаратилган коррупцияга қарши восита сифатида кўзда тутилган ушбу тизим халқаро тажрибани ўрганган ҳолда тайёрланди. Мазкур тизим тарихига назар ташласак, у Корея Республикаси Ҳукумати томонидан 2011 йилда қурилишнинг тўлиқ шаффофлигини таъминлаш, қурувчилар, маҳаллий ҳокимият органлари ва объектларни қуриш учун рухсат берувчи ва қурилишнинг барча жараёнини назорат қилувчи тегишли ташкилотларни бирлаштириш мақсадида ишлаб чиқилганига гувоҳ бўламиз. Шунингдек, 2013 йилда БМТнинг «Давлат хизматида коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш» тоифасидаги нуфузли мукофотига ҳам сазовор бўлган. Онлайн режимда ишловчи бу тизим жамоатчиликка очиқ бўлиб, қурилиш сектори бўйича долзарб маълумотларни ҳудудлар ва қурилишнинг ҳар бир объекти учун алоҳида-алоҳида фильтрлаш функциясини ўз ичига олади. Тизим қурилиш ҳужжатларини рақамлаштирилишини, қурилишга рухсат бериш тартибини соддалаштиришни, молиявий ресурслардан оқилона фойдаланиш ва қурилиш жараёнининг барча босқичларини, қурилиш лойиҳасидан то якунланишга қадар ва қурилиш объектини топширилишига оид маълумотларнинг очиқлигини таъминлаш орқали қурилиш саноатининг сифати ва самарадорлигига ҳисса қўшади. Тизим тўрт компонентдан иборат бўлиб, қуйидагиларни қамраб олади: қурилиш лойиҳаларини бошқариш тизими, қурилиш лойиҳалари ҳақида маълумот бериш тизими (видеокузатуви), автоматлаштирилган тўловларни амалга ошириш учун шартнома тўловларини бошқариш тизими ва ходимларни бошқариш учун электрон кадрлар бошқаруви тизими, меҳнатга ҳақ тўлаш ҳамда қурилиш материаллари нархларини шакллантириш тизимлари. Корея, Филиппин, Россия, Украина ва Қозоғистон тажрибаларини ўрганиш жараёни шуни кўрсатдики, ушбу тизим қурилиш соҳасида самарали фойдаланилмоқда ва бу мамлакатларни қурилиш соҳасида жаҳон миқёсидаги юқори ўринларга кўтаришга ёрдам берган. Бугунги кунда Ўзбекистонда шаҳар ва қишлоқ аҳоли пунктларининг замонавий архитектура қиёфасини шакллантириш, шунингдек, уй-жой қурилишини жадаллаштириш бўйича комплекс чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 24 ноябрдаги 4028-сонли қарорига биноан Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлигига «Қишлоқ қурилиш инвест» ИК МЧЖ ҳамда Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан биргаликда 2019 йилнинг 1 июлига қадар арзон уй-жойлар қурилиши мониторинги бўйича ахборот тизимини ишлаб чиқиш ва жорий этиш вазифаси юклатилганди. Мазкур тизим уй-жой қурувчилар ва бошқа манфаатдор шахслар учун Интернет тармоғида реал вақт режимида бажарилган қурилиш-монтаж ишларининг ҳажмлари (шу жумладан объектларнинг фотосуратлари ва видеоёзувлари), объектлар қурилишида иштирок этаётган пудратчилар, қурилиши тугалланган объектларда ўтказилган назорат тартибида ўлчаш натижалари, қурилишни молиялаштиришнинг бориши ҳақида ахборот олиш имкониятини таъминлайди. Давлат статистика қўмитасининг маълумотларига кўра, 2018 йил январь-сентябрь ойларида уй-жой қурилиши харажатлари 12,9 трлн сўмдан иборат бўлиб, бу мамлакат йиллик бюджетининг 23,9 фоизини ташкил этади. «Обод қишлоқ» ва «Обод маҳалла» дастурлари бўйича қуриш ва такомиллаштиришга 3 триллион сўм йўналтирилди. Натижада 416 та қишлоқ янги қиёфа касб этиб, фойдаланишга топширилган турар жой бинолари сони 58,6 минг, хонадонлар сони эса 62,1 мингтани ташкил этди. Маълумотларга кўра, ўтган йили қурилиши тугалланмаган объектлар бўйича давлат бюджетига 113 млрд сўмдан ортиқ солиқ тўланган. Ушбу соҳада ахборот технологияларини жорий этиш орқали давлат бюджети даромадларини янада оширишга эришиш мумкин. Бироқ, таҳлил натижалари шуни кўрсатадики, уй-жой қурилишида қатор тизимли муаммолар ва камчиликлар ҳам мавжуд. Булар қурилиш ишларининг шаффоф эмаслиги ва жамоатчилик ҳамда манфаатдор ташкилотлар томонидан қурилиш ишларини назорат қилиш имконияти мавжуд эмаслиги, ушбу соҳада ҳуқуқбузарликлар (маблағларни суиистеъмол қилиш, коррупция ва ҳ.к.)га йўл қўйилишига бу эса, ўз навбатида, қурилиш объектлари сифатидан фуқароларнинг норозилигига олиб келди. Уй-жой соҳасида Ўзбекистон Республикаси Президентининг виртуал қабулхонаси ва Халқ қабулхоналарига 2018 йилда жами 11 мингдан зиёд мурожаат ва шикоятлар келиб тушган. Қурилиш вазирлиги қабулхонасига архитектура ва шаҳарсозлик соҳасида 402 та, намунавий уй-жойлар қурилиши бўйича – 375 та, ноқонуний қурилган объектлар бўйича – 592 та, лицензиялар ва рухсатномалар бериш бўйича – 209 та фуқаролар мурожаати келиб тушган. Шунингдек, қурилиш меъёрларига амал қилмаслик, қурилиш ишларини бажариш устидан назоратни етарли даражада эмаслиги ва шартнома шартларини аниқ бажармаслик (қурилган объектларни вақтинча топшириш, сифатли материаллардан фойдаланиш, қурилиш ишларида касбий малакали ишчиларни жалб қилиш ва бошқалар) буюртмачиларга катта зарар етказилишига олиб келиши мавжуд муаммолардан саналади. Қурилишга рухсат бериш жараёнлари, хусусан, ер ажратиш билан боғлиқ ва бошқа жараёнларга оид муаммоларнинг мавжудлиги ва юқори инвестицион хатарлар рақобатни ривожлантиришга тўсқинлик қилиб, охир-оқибатда уй-жойларнинг якуний қийматига сезиларли даражада таъсир этади. Амалиётга татбиқ этилиши кўзда тутилаётган «Шаффоф қурилиш» тизими мамлакатимизда қурилиш сифатини сезиларли даражада яхшилаш, соҳада коррупция ва бюрократик тўсиқларни камайтириш, шунингдек, жамоатчилик учун барча қурилиш жараёнларининг очиқ-ошкоралигини таъминлайди. Бу эса, ўз навбатида, Жаҳон банкининг бизнесни юритиш бўйича Ўзбекистоннинг рейтингида қурилишга рухсат бериш бўйича ҳолатини яхшилайди. Акбар РАЖАБОВ, Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги Юридик бюро бошлиғи. хабар бермоқда minstrouy.uz